Ҳодиса икки давлат ўртасидаги кескинликни янги босқичга олиб чиқди.
Россия, хусусан, президент Владимир Путин шаънига кескин танқид Озарбайжон бош телеканалининг "Ҳафтанома" таҳлилий дастурида танқид қилинди.
«Биз тушунамиз, Россия таркибига мажбуран қўшилган халқлар устидан ҳукмронлик қилишга ўрганиб қолгансиз. Чор подшоси даврида ҳам, Совет иттифоқи даврида ҳам рус халқи олий ирқ деб ҳисобланган. Озарбайжонликлар, ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, туркманлар ва бошқа миллатлар доим иккинчи даражали инсонлар сифатида кўрилган. Империя барҳам топди, лекин фикрлаш тарзи ўзгармади — у ҳали ҳам мавжуд. Илгари Сталин НКВД қўли билан одамларни қатл қилган бўлса, ҳозир Путин ОМОН орқали норозиларни босмоқда. Айтишадику, 1937 йил давом этяпти — фақат янада қаттиқ ва жиддий шаклда. Лекин Кремлда ва Путиннинг ўзи тушунадиган пайт келмадимики, ҳозир 1937 эмас, 2025 йил ва собиқ иттифоқ республикалари 30 йилдан бери мустақил. Улар тарих ҳеч нарсани унутмаслигини тушунадими?» — деди дастур бошловчиси.
Екатеринбургдаги рейд ва қўлга олинганлар ҳақида нима маълум?
27 июнь куни Екатеринбургда келиб чиқиши озарбайжонлик бўлган 50 нафардан ортиқ киши қўлга олинди. Икки киши ҳалок бўлди, бир нечта киши тан жароҳати олди.
28 июнь куни Россия Свердловск вилояти бўйича Тергов қўмитаси «этник жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди» дея баёнот берди. Гуруҳ аъзоларига нисбатан гуруҳ бўлиб одам ўлдириш, буюртма асосида қатл қилиш ва суиқасд моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Россия Ташқи ишлар вазирлигига кўра, қўлга олишлар оғир жиноятлар тергови доирасида амалга оширилган, вазият назорат остида ва ушланганлар Россия фуқаролари ҳисобланади. ТИВ сўзчиси Мария Захарова сўз 2001, 2010 ва 2011 йиллардаги қотилликлар ҳақида бораётганини таъкидлади.
Россия ОАВ хабарига кўра, 2001 йилда Екатеринбургда озарбайжонлик Юнис Пашаев ошхона пичоғи билан ўлдирилган ва бош айбланувчилар сифатида маҳаллий кафелардан бирининг эгалари — Гусейн ва Зияддин Сафаровлар номи тилга олинган.
Хабарларга кўра, айнан Сафаровлар рейд пайтида ҳалок бўлган. Уларнинг ўлими тафсилотлари номаълум. Екатеринбургдаги E1 нашри маълумотига кўра, яна камида уч киши касалхонада қолмоқда.
29 июнь куни Екатеринбург суди Мазахир, Акиф ва Аёз Сафаровларни 19 июлгача ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. Уларга одам ўлдириш моддаси бўйича айб қўйилган.
Oxu.Az нашри танасида мўматалоқ излари бўлган икки озарбайжонликнинг суратларини эълон қилди ва уларга нисбатан калтаклаш ва қийноқлар қўлланганини даъво қилди.
Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Свердловск бошқармасига озарбайжонликларнинг қўлга олиниши ва икки шахснинг ўлими ҳақида тўлиқ ҳисобот тайёрлашни буюрди.
Ахлиман Гянджиев, Шахин Лалаев ва Бакир Сафаровларнинг ҳибс муддати яна 72 соатга узайтирилди. Уларга нисбатан жазо чораси кейинроқ белгиланиши айтилди.
Бокунинг реакцияси
Рейддан кейин расмий Боку Россия элчиси Пётр Волоковни чақириб, кескин норозилик билдирди. Озарбайжон расмийлари икки фуқаросининг «ваҳшиёна ўлдирилганини» таъкидлади.
Озарбайжондаги руслар жамоаси Россия томонининг ҳаракатларини қоралаб, Екатеринбургдаги воқеа бўйича холис тергов ўтказишга чақирди.
29 июнь куни Озарбайжон Россия томонидан мамлакатда режалаштирилган барча маданий тадбирларни бекор қилди. Маданият вазирлиги буни Екатеринбургдаги «миллий белгилар асосида озарбайжонликларга қарши уюштирилган мақсадли ҳаракатлар» билан изоҳлади. Концертлар, фестиваллар, кўргазмалар, спектакллар ва бошқа дастурлар бекор қилинди.
Шу кунларда Озарбайжон парламенти делегацияси Россия Федерацияси билан парламентлараро ҳамкорлик комиссияси йиғилишида иштирок этмасликка қарор қилди. Баёнотда айтилишича, бу қарор Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг «намойишкорона ва ноқонуний ҳаракатлари» оқибатида озарбайжонликлар қурбон бўлгани учун қабул қилинган.
Шунингдек, Озарбайжон полицияси Бокудаги Кремлга яқин «Sputnik Озарбайжон» таҳририятига рейд уюштирди.
APA нашрига кўра, икки ходим қўлга олинган. Манба уларни ФСБ агентлари деб атади. Аммо бу маълумот расман тасдиқланмаган.
Мария Захарованинг маълум қилишича, россиялик дипломат Бокудаги журналистлар Россия фуқаролари билан боғлана олмаяпти. Таҳририят офиси полиция томонидан қуршаб олинган.
1 июль куни «Sputnik Озарбайжон» таҳририятида тинтув ўтказилгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Озарбайжон ИИВ маълумотича, таҳририят фаолияти февралдаёқ тўхтатилган, аммо ишни «ноқонуний молиялаштириш» орқали давом эттирган.
Тинтувдан сўнг бош муҳаррир Игорь Картавых ва шеф муҳаррир Евгений Белоусов қўлга олинди. ОАВда улар ФСБ билан алоқадор деган тахминлар бор, лекин ҳозирча расмий тасдиқ йўқ.
Ruptly агентлиги журналисти Айтекин Гусейнова ҳам қўлга олинган. У «Sputnik Озарбайжон» офисидаги тинтувни тасвирга олган эди.
Россия ТИВ Озарбайжон элчиси Рахман Мустафаевни тушунтириш бериш учун чақирди.
«Нота — Россияга ўхшаган давлатга таъсир ўтказиш учун кучсиз восита»
«Мемориал» ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази вакили Стефания Кулаева «Настояшчее Время» телеканали билан суҳбатда айтишича, Россия полицияси кўп ҳолларда, айниқса мигрантларга нисбатан зўравонлик қўллайди.
«Албатта, полиция ўз амалиётларини зўравонликсиз ва ўлим билан тугамайдиган тарзда ўтказиш мумкин. Қатл содир этган, қуролланган одамлар ҳам тирик қўлга олинган ҳолатлар бор. Масалан, “Крокус Сити Холл”даги ҳужумчилар. Бу ҳолда ҳам қаршилик кўрсатилгани ҳақида маълумот йўқ — шунга кўра, бу фақат полиция бедодлиги. Тўғри реакция — комиссия тузиш, зўравонлик содир этганларни ишдан четлатиш, жиноят содир этганларни ҳибсга олиш ва холис тергов ўтказиш».
Кулаеванинг таъкидлашича, Бокунинг нота юбориши Россиядаги полиция зўравонлигини ўзгартирмайди:
«2025 йилда ҳам бир қатор давлатлар Россияга ўз фуқароларига нисбатан салбий муносабат бўйича нота йўллашди — Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон. Лекин нота Россия каби давлатга таъсир ўтказа олмайди. Аммо комплекс чоралар, жумладан, Озарбайжон консулининг гумондорлар билан учрашувини таъминлаш, жамоатчилик босими билан нимагадир эришиш мумкин».
Унинг фикрича, мигрантларга нисбатан шафқатсиз муносабат — давлат сиёсати даражасига кўтарилган тизимли муаммо:
«Бу 2022 йилдан бошланган тенденция. “Крокус Сити Холл” фожиаси катта бурилиш бўлмади. Рейдлар авж олди, лекин жараён аввал бошланган эди. Миллийчилик, “бошқаларни” айблаш — давлатнинг бош сиёсатларидан бирига айланди. Пропагандада, юқори даражадаги амалдорлар, масалан Бастрикин, Колокольцев доим ксенофобияга йўғрилган баёнотлар бермоқда. Бу хавфли йўналиш — бошлаш осон, тўхтатиш жуда қийин».
Россия ва Озарбайжон муносабатларининг ёмонлашуви
Боку ва Москва ўртасидаги муносабатлар 2024 йил охирида Қозоғистонда Озарбайжон авиакомпанияси AzAL самолёти ҳалокатга учраганидан сўнг ёмонлаша бошлади. Ҳодисада 38 киши ҳалок бўлган эди.
Дастлабки тахминларга кўра, самолёт Грозный осмонида зенит ракета парчаларидан шикастланган. Украина дронлари ҳужуми вақтида у Грозный аэропорти яқинида бўлган.
Озарбайжон Россияни айбдор деб топиб, узр сўраш ва товон тўлашни талаб қилди. Путин ўзининг кечиктирилган узрида воқеа «Россия ҳаво ҳудудида юз берганини» айтди, лекин ракета Россия ҳаводан мудофаа тизимига тегишли эканини тан олмади. Алиев буни танқид қилди.
4 февралда дастлабки хулоса эълон қилинди — «фюзеляжда ташқи таъсирга мансуб турли тешиклар ва шикастлар» қайд этилган. Охирги ҳисобот ҳали тақдим этилмади.
Шундан сўнг «Sputnik Озарбайжон» таҳририятида штат қисқартирилди — 40 ходимдан фақат биттаси қолдирилди.
Боку «Рус уйи» — Россотрудничествонинг Озарбайжондаги маркази фаолиятини тўхтатди.
2025 йил февралда Боку Россия депутати Николай Валуевга мамлакатга киришни тақиқлади. Валуев Россотрудничество ёпилишига қарши баёнот берган эди. Май ойида Россия Озарбайжон парламенти депутати Азер Бадамoвни мамлакатга киритмади. Боку томони буни «дўстона бўлмаган ҳаракат» деб баҳолади ва Кремлдан "маънили тушунтириш" талаб қилди.